Саломатлик илми
Саломатлик илми

Telegramda Bizga Qo'shiling | Yangiliklar, Kino, Mp3, Qiziqarli Videolar @qiziqarliuzoffical


Валеология — бу мустаҳкам саломатлик, яъни соғлом, жисмоний ва ақлан етук авлодни воя етказиш устида қайғуриш ҳамда баракали умр кўриш демакдир.

Давлатимиз раҳбари яқинда Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Оқолтин туманидаги замонавий оилавий поликлиника фаолияти билан танишиб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш борасида таклифлар берди.
Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча тушуниши керак”, дея таъкидлади.
Касалликларнинг олдини олиш, гиподинамия-камҳаракатликка қарши оммавий курашиш, аҳоли кенг қатлами, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш саломат бўлиш ва узоқ умр кўришнинг муҳим омилларидан саналади.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти валеология кафедраси мудири, Ўзбекистон валеологлар уюшмаси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Эргашев билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
— Республикамизда валеология мактабига асос солган йирик олим сифатида бу соҳа ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Валеология ўзи нима? Умуман, бу фаннинг юзага келишига нима сабаб бўлган?
— Валеология — бу мустаҳкам саломатлик, яъни соғлом, жисмоний ва ақлан етук авлодни воя етказиш устида қайғуриш ҳамда баракали умр кўриш демакдир. Ҳозир инсонларнинг соғлиғига путур етказадиган, умрини қисқартирадиган айрим экологик муаммолар, халқ ва қишлоқ хўжалигида кимёвий зарарли моддаларнинг гигиеник меъёрдан ортиқча қўлланиши турли юқумли ва бошқа касалликларнинг ривожланишига замин яратмоқда. Валеология фанининг асосий мақсади эса инсонни ҳар хил хасталиклардан асраш, соғломлаштиришга қаратилган.
Бу фаннинг илдизи жуда қадимга бориб тақалади ва бевосита тиббиётнинг ривожланиши билан боғлиқ. “Авесто”да “Тиббиёт — бу танани соғлом ҳолатда сақлаш санъатидир”, деб ёзилган. Ўша даврдаёқ шахсий ва жамоат гигиенасининг қатъий қоидалари белгилаб берилган. Ичимлик сув, яшаш хоналари ва аҳоли турар жойларининг ҳолатига катта эътибор қаратилган.
Даволаш тиббиёти илмий фан сифатида тараққий топмаган даврларда, асосан, организмнинг ички имкониятларига эътибор қаратилган. “Авесто”, хитойликларнинг “Конг-фу”, ҳиндистонликларнинг “Аюрведа” китобида саломатлик ва соғломлаштириш масалалари ҳар томонлама ёритилган. Масалан, “Аюрведа”нинг асосий тамойили инсон онгининг танага таъсир ўтказишига асосланади. Касалликдан халос бўлиш одамнинг ўз онги билан мулоқотга киришиб, уни мувозанатга келтира олишига боғлиқ. Ушбу қадимги тизимлар аслида валеологиянинг фан ва илм сифатидаги асосини ташкил этади. Мазкур фан касалликни даволаш эмас, балки соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, саломатликни мунтазам қўллаб-қувватлаш учун организмнинг захира имкониятларидан фойдаланишни ўргатади.
Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синонинг машҳур “Тиб қонунлари” асари саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш ғоялари асосида ёзилган. Аллома инсонлар ўзини ўраб турган атроф-муҳит билан мулоқотда бўлишини ва ташқи муҳит омиллари, ўз навбатида, унинг саломатлигига таъсир қилишини таъкидлаб ўтган. Улуғ ҳаким саломатликни сақлашда жисмоний фаоллик муҳимлигини алоҳида қайд этиб, тартибли ҳаёт тарзи омили сифатида жисмоний машқлар, овқатланиш тартиби ва уйқуни қайд этган. У бундай ёзади: “Меъёрида ва ўз вақтида жисмоний машқлар билан шуғулланадиган инсон ҳеч қачон даволанишга муҳтож эмас”.
Тиббиёт фани улкан ютуқларга эришган бугунги кунда ҳам олим қолдирган тавсиялар, у яратган “Тиб қонунлари” узоқ асрлардан буён инсониятга хизмат қилиб келаётгани бежиз эмас. Зеро, инсон саломатлигини сақлашда индивидуал ёндашув зарурати ҳамда организм имконияти ва захираларининг аҳамияти нечоғли муҳимлигини бугунги кун ҳам кўрсатиб турибди.
— Кўпчилик ўзининг саломатликка умидини айнан тиббий омил билан боғлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот атиги ўн фоизни ташкил этади. Шубҳасиз, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти тиббий маданият ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишдир. Шу билан бирга, организмнинг захира имкониятларини ўрганиш, ўз саломатлигига малакали муносабатда бўлишнинг бу борада аҳамияти беқиёс. Шундай эмасми?
— Тансиҳатликни сақлаш муаммоси қадимдан олимларнинг эътиборини тортиб келган. Мавжуд аксарият усуллар организмнинг функционал имкониятларини аниқлашга асосланган.
Ҳар бир одам ўзига хос. Хасталикка чалиниш ҳаммада ҳар хил кечади. Буни эътиборга олган ҳолда инсоннинг мижози, жисмоний ва руҳий ҳолати, феъл-атвори, яшаш ва ишлаш шароити, нимага қизиқиши, соғлиғи чуқур ўрганилиб, унга алоҳида маслаҳат ҳамда тавсиялар бериш лозим.
Кафедрамиз мутахассислари саломатлик даражасини аниқлаш бўйича марказий поликлиникалардан бирида инновацион грант асосида изланиш олиб борди. Валеологлар математик олимлар билан ҳамкорликда изланишлар натижаларини компьютер базасига киритиб, саломатлик индексини аниқлашга қаратилган дастур тайёрлади. Унга ҳар бир одамга тегишли маълумотлар жойлаштирилади. Турмуш тарзининг кўп қиррали томонларини комплекс баҳолаш ва эрта ўлим хавфи омилларини қидириш жараёнида ҳаёт сифатини аниқловчи анкетадан фойдаланилади. Инсоннинг моддий таъминоти, турар жой шароити, ҳудуд экологияси, яшаш шароитидан қониқиши, оилавий муносабатлари, рационал овқатланиш маданияти, дам олиш хусусиятлари, кундалик жисмоний юкламалар, маънавий дунёси, стресслар даражаси, зарарли одатлар, касалликка наслий мойиллик ва яшаш географиясидан қониқиши 25–30 дақиқа давомида аниқланади. Демак, у саломатлик индекси асосида индивидуал соғломлаштириш дастурига эга бўлади. Энди бу инсонга саломатлигини сақлаш ва касалликнинг олдини олиш юзасидан маслаҳатлар берилади.
— Бу дастур инсоннинг ички имкониятларини янада кучайтириши ва умрини узайтиришида самара берар экан-да?
— Албатта. Соғлом турмуш тарзи тўртта алоҳида дастурдан иборат. Биринчиси, оқилона овқатланиш. Ҳар бир киши кунига беш маҳал, ўз вақтида ва тўғри овқатланиши шарт. Иккинчиси, жисмоний ҳаракат. Ҳар бир киши ўзи учун жисмоний ҳаракат дастурига эга бўлиши лозим. Организм ҳолатига қараб, кимгадир ҳар куни пиёда юриш, кимгадир сузиш тавсия қилинади.
Учинчиси, руҳий-ҳиссий саломатлик. Бу ўринда ҳар бир соғлом киши индивидуал антистресс дастурдан фойдаланади. Дастурга асосан, одамнинг ҳис-туйғулари қаттиқ назорат қилинади. Унинг нимадан ҳаяжонланиши ёки қандай ишларни бажарса камроқ руҳий зўриқиши аниқланади ва буларни эътиборга олган ҳолда фойдали тавсиялар берилади.
Тўртинчиси, репродуктив саломатлик. Бу дастурга асосан, аёллар ҳомиладор бўлишидан олдин соғлиғи ҳар томонлама текширилади. Фарзанд кўриш вақти, умри мобайнида нечта фарзанд кўриши мумкинлиги ҳақида тавсиялар берилади.
— Соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг моҳиятини ташкил этувчи асосий омиллардан бири рационал овқатланишдир, дедингиз. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари турининг кўпайиб бораётгани, озиқ-овқат саноатида генни ўзгартириш технологиялари қўлланиши ва бошқа сабаблар туфайли соғлом овқатланиш тушунчасига путур етаётгандек. Айтинг-чи, рационал овқатланишнинг валеологик тамойиллари нималардан иборат?
Тўғри овқатланиш истеъмол қилинган ва сарфланган қувват ўртасидаги мувозанат билан ифодаланади. Бир кунлик ўртача овқат истеъмолидан ҳосил бўлган энергиянинг асосий қисми кун давомида сарфланиши лозим. Жисмоний ҳаракат ҳамда касбий меҳнатни ҳисобга олган ҳолда калорияли таомлар истеъмол қилиш, овқатланиш меъёрига қатъий риоя этиш лозим. Сарфланган қувват ўрни тўлдирилмаса, яъни овқатланиш меъёри бузилса, одам ё кучсизланади, ё семириб кетиши мумкин. Ўз вақтида витамин ва минералларга бой, сифатли таомлар билан озиқланган кишининг кайфияти чоғ, ўзи бардам бўлиб юради. Бу унинг ҳаёт тарзи, оиласи ва касб-корига ижобий таъсир кўрсатади.
Овқатланиш оралиғи 3-4 соатдан ошмаслиги, озуқани кам миқдорда истеъмол қилиш ва жуда тўйиб кетмаслик, овқатдан енгил иштаҳа билан туришга одатланиш лозим. Кун давомида овқатни бир хил тартибда ейиш мақсадга мувофиқ. Шошилиб овқатланганда одам эҳтиёжига нисбатан кўп тановул қилади. Чунки марказий асаб тизимига тўқлик ҳисси секин етиб боради. Тўқлик ҳисси қондаги глюкоза ва аминокислоталар етарли даражага етганда пайдо бўлади.
Инсон организмининг меъёрий ҳаётий фаолияти учун оқсил, ёғ ва углеводларнинг, витамин ва минерал моддаларнинг муайян миқдордаги нисбати лозим. Шунинг учун овқатланиш тартибини белгилашда озуқаларнинг бирикмаларига эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини текшириш, санитария-гигиена талабларига жавоб беришига аниқлик киритиш жуда муҳим. Истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ўрганиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлиши лозим.
Вазн меъёрида бўлишига эришиш, ортиқча ва тартибсиз, палапартиш овқатланишга чек қўйиш, керакли миқдордаги оқсил, ёғ, углевод, минерал модда ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиш саломатликнинг муҳим омилларидан саналади.
— Жисмоний машқларнинг аҳамияти хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Нима учун жисмоний машқларни бажариш керак? Энг муҳим сабаб — бу ҳаёт сифатини оширишдир. Машқлар ва ҳар қандай жисмоний фаоллик нафақат стрессларни бартараф этади, балки организм ҳолатини яхшилаб, яшаш давомийлигини узайтиради.
Бундан ташқари, жисмоний фаоллик учта сабаб бўйича тана вазнини назорат қилишнинг муҳим жиҳати ҳисобланади: организмдаги калорияни сарфлаш эвазига вазннинг камайишини тезлаштиради, организмда тўпланган ёғ қатламининг ўзлаштирилишига ёрдам беради ва мушак оғирлигини кўпайтиради, диққатни овқатдан жисмоний фаолликка йўналтиради.
Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар натижаларига кўра, тўғри овқатланиш нафақат ортиқча вазнни камайтиради, балки артериал қон босимини туширади. Қондаги қанд миқдорини камайтиради. Бу диабетга чалинган беморлар учун жуда муҳим. Шунингдек, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, эрта қаришнинг олдини олади ҳамда миокард инфаркти ва инсульт каби оғир касалликларни бартараф этади.
— Дунёни хавотир ва таҳликага солган пандемия таҳдиди бизни ҳали тарк этгани йўқ. Валеолог сифатида касалликдан сақланиш борасида қандай тавсиялар берасиз?
— Ҳозир соғлом турмуш тарзи, валеологик тамойилларга қатъий риоя қилиш ҳар қачонгидан муҳим. Организмнинг захира имкониятларини оширишимиз керак. Бир кеча-кундузлик биоритмни ҳисобга олган ҳолда ўз меҳнат қобилиятини тартибга солиш, дам олиш ва уйқу вақтини тўғри ташкил қилиш, сифатли ва оқилона овкатланиш, гиподинамия-камҳаракатликка йўл қўймаслик — мустаҳкам соғлиқ гарови. Организмнинг жисмонан, руҳан, ҳиссий, интеллектуал бақувват бўлиши касалликка чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.
Албатта, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш шарт. Қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, ижтимоий масофа сақлаш, зарурат бўлмаса, одамлар гавжум жойларга бормаслик керак. Соғлом турмуш тарзи орқали инсон ўзини ва яқинларини COVID-19 ёки бошқа вирусли инфекциялардан ҳимоя қилади.

Комментарии (1)
Комментировать
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
admin
admin Администраторы 5 августа 2022 04:02
DSJJDOJJDYDIDBDJJJDODN